Адабиёт ёхуд санъатнинг йирик вакиллари хусусида сўз кетса, мутахассислар аксарият ҳолда ижодкор меросининг серқирралиги, унинг тафаккури ҳаётнинг турли жабҳаларини қамраб олганини таъкидлайдилар. Аслида, бошқача ҳам бўлиши мумкинми? Мазмун-моҳиятига кўра бениҳоя мураккаб, ғоят чигал тириклик, ана шу талотўм ичида гирён яшамоғи талаб қилинадиган инсон табиати хусусида бир қиррада – муайян томонинигина ўйлаб, фақат шу доирадан чиқмай ижод қилиб бўладими?

ХХ аср ўзбек насрининг таниқли намояндаси Абдулла Қаҳҳор яратган асарлар ҳам ўзининг айнан мана шу жиҳати туфайли яна неча асрлар, не-не авлодлар эътиборини тортаверади. Модомики, шундай экан, биз бугун адиб чуқур тадқиқ қилган инсон табиатининг фақат бир жиҳати, шу таҳлилларидан келиб чиқиб илгари сурган, то қиёмат қадар долзарблигини йўқотмайдиган айрим қарашлари хусусидагина қисқа мулоҳаза юритамиз.

Ёзувчи 1929 йилда – 22 ёшида “Бошсиз одам” номли ҳажман мўъжаз ҳикоя ёзади ва у “Ер юзи” журналида босилиб чиқади. Асарнинг қисқача мазмуни шундай: икки қизи билан бева қолгач, кўплаб совчиларга рад жавобини берган Нисо буви ўлган хотинидан Фахриддин исмли бир ўғли қолган уста Абдураҳмонга тегишга рози бўлади. Орадан ўтган тўққиз йил ичида улар яна тўрт фарзанд кўрадилар. Хотинининг қизларини тинимсиз калтаклаб ҳузур қиладиган уста Абдураҳмон зўрлиги билан Нисо бувининг катта қизи Меҳри устанинг думбултабиат ўғлига никоҳлаб берилади. Жоҳил отаси измидан чиқмайдиган, бирор масалада мустақил фикри бўлмаган, пастки лаби доим овсарларча осилиб турадиган Фахриддиндан невара кўришни хоҳламаган Нисо буви бир амаллаб ҳомиланинг нобуд бўлишига эришади. (Ҳикоянинг бу жиҳати алоҳида муҳокама мавзусики, биз ҳозир бу масалага тўхталиб ўтирмаймиз!)

Касалхонага хотинини кўргани бориш учун ҳам отасидан пул ва тегишли йўл-йўриқ олган Фахриддин жарроҳликдан аранг тирик қолган хотинининг ҳомила бошсиз экани ҳақидаги гапини эшитиб: “Ие, боланинг ҳам боши бўлмайдими, дадамдан сўрай-чи…” дейишга ярайди, холос…

Биз мазкур ҳикояни Абдулла Қаҳҳор бор-йўғи 22 ёшида ёзганига бекорга урғу бермаяпмиз. Зеро, ижодкор ана шу ёшданоқ одам боласининг инсон бўлиб вояга етиши, шахс сифатида шаклланиши қанчалар муҳим масала эканини ич-ичдан ҳис қилган эди. Агар инсоният тарихига, мамлакатлар ва миллатлар тақдирига назар ташласак кўрамизки, қаердаки халқ вакилларининг маърифий, маънавий ҳамда ижтимоий дунёқараши юксак ва соғлом бўлса, ўша ерда тараққиёт ҳамда фаровонлик, акс ҳолатларда эса қашшоқлик, мутелик, хорлик ва зорлик бўй-басти билан намоён бўлади. Улуғ Абдулла Қодирийнинг шафқатсиз эътирофи билан ифодалаганда, “тарихимизнинг энг кир ва қора кунлари бўлмиш кейинги хон замонлари”нинг ҳам аччиқ сабоғи шундан далолат берарди.

Ҳикоядаги Нисо буви қизларини ўқишга бермоқчи бўлганида, уста Абдураҳмон: “Ҳа, Розиқ ямоқчининг қизлари ўқиб шаҳар олиб берармиди?!” дея жеркиб ташлайди. Ўзидан тўраган ўғил Фахриддиннинг эса аҳволи маълум: мана шу жоҳил, бешафқат, аёл зотини одам ўрнида кўрмайдиган отаси нима деса, киприк қоқмай адо этади, демаса, бирор ишни ўзи мустақил қилмайди, бирор фикр ўзидан чиқмайди. Оилада ҳукм сурган мана шу фикрий мутелик, руҳий қуллик, деспотик бошқарув ўз натижасини узоқ куттирмайди: набира – наслни давом эттирмоғи керак бўлган зурриёт, мустақил фикрсиз Фахриддиндан тўраган бола умуман бошдан ҳам маҳрум яралади! (Бу кўргуликдаги Нисо бувининг “ҳиссаси”, айтганимиздек, алоҳида муҳокама мавзусидир!)

Ёзувчи қилган ишорани зийрак ўқувчи тез илғайди, албатта: аслида бошсиз одам – нобуд бўлган ҳомилагина эмас, балки кап-катта, уйланиб оила қурган Фахриддин ҳамдир. Гарчи унда жисмоний бош бус-бутун бўлса-да, одамни бошқа мавжудотлардан ажратиб турувчи ақлу тафаккур, уларнинг муҳим маҳсули – мустақил, индивидуал фикр, шахсий дунёқараш мутлақо йўқ!

Ёзувчининг, ўз ибораси билан айтганда, “адабиёт домовойига кириб” улгурган бу хилдаги адабий қаҳрамонлари сафи кейин ҳам тўлиб борган. Хусусан, ўтган асрнинг 30-йиллари давомида алоҳида китобчалар тарзида (“Қўзғалиш”, “Саримсоқнома”), 1937 йилда эса ўқувчилар эътиборига тўла ҳолда ҳавола этилган “Сароб” романидаги алоҳида бир бобда шу типдаги яна бир инсон тақдири ҳикоя қилинади.

Худди ёзувчининг ўз отаси – Абдуқаҳҳор уста сингари баҳордан қишга қадар қишлоқма-қишлоқ кезиб темирчилик қиладиган кишининг Саримсоқ исмли ўғилчаси бор. Кунларнинг бирида улар бориб ўрнашган қишлоқ четида бир бой ўз ёнидан дов тикиб, қишлоқ полвонларини курашга солади. Аввалига ўғли билан бир четда курашни томоша қилиб ўтирган темирчининг ҳам ғайрати жўшиб, ўртага чиқмоққа журъат этади. Темирчилик орқасида метиндек қотган билак-қўлларга, унча-мунча оғирликни кор қилмайдиган жисму жонга эга бўлган темирчи бояги қишлоқнинг мана-ман деган полвонларини енгиб, анчагина совринга ҳам эга бўлади. Келгинди бир темирчининг бу ютуқларидан ичида мудраб ётган ваҳший туйғулари қўзғалган бояги бой қўшни қишлоққа – ҳали одам боласи енга олмаган, “Қўтос” лақабли полвонни тез топиб келишга одам юборади. Маймунникидек узун, жун босган забардаст қўлларини икки ёнга селкиллатиб келаётган “Қўтос”ни узоқдан кўрган темирчининг уни енга олмаслигига кўзи етади, албатта. Бироқ бойнинг зўрлови билан у майдонга тушишга мажбур бўлади. Бинобарин, бой курашга чоғланган “Қўтос”нинг қулоғига бир нималарни вишиллаб уқтиради ҳам…

Ҳар жиҳатдан нотенг, адолатсиз бу олишувда темирчи жонини сақлаб қолиш учун майдоннинг юмшоқроқ ерида бир неча марта йиқилиб беришга уринса-да, шафқат кўчасидан ўтмаган, бойнинг айтган ҳукмини охирига қадар тўла адо этиш истагидаги “Қўтос” уни обдон ҳолдан тойдиргач, мерч бўлиб қотиб кетган ерга темирчини боши билан гурсиллатиб уриб, зил-замбил оёғининг темир тиззалари билан кўкрагидан босиб ҳам тушади… Атрофида йиғлаб чинқираётган ўғлига сўнгги бор термулган кўйи темирчи қон қусиб жон беради…

Етимча Саримсоқни бой ўз уйига – қул-хизматкор қилиб олиб кетади. Унинг ўзи бош бўлиб, бири биридан тантиқ, танноз хотинлари ҳам болани туну кун хўрлаб, мазахлашади. Норасидани нуқул алдашиб: “Ана, отанг келди – мана, отанг келди” дея масхаралаб, устидан кулишади. Натижада, боланинг руҳиятида, психикасида жиддий оғишлар – ким нима деса шуни бажариш, мустақил фикрлай олмаслик, гапдан-гапни, ишдан-ишни фарқлай билмаслик ҳоллари кучайиб боради. Охир-оқибат, у биров бир коса ёвғон берса еб, бермаса шундан ҳам умидвор бўлмайдиган, ким не ишни буюрса индамай бажариб кетаверадиган алфозга киради. Кун бўйи оғилхонадаги гўнгни ғалтак аравада бир ўзи далага ташишдан тортиб, молларнинг терисига тушган каналарни қўли билан териб эзиб ўлдиришгача – ҳар қандай юмушни Саримсоқ фарқига бормай бажараверади… Бир сўз билан айтганда, А.Қаҳҳор яратган Саримсоқ образи ўзининг кўп жиҳатлари билан кейинчалик Ч.Айтматов дунё адабиёти ҳодисасига айлантирган – Манқурт тимсолига жуда ўхшаш қиёфа касб этганди… (“Сароб” романининг кейинги – 1957, 1967, 1987 ва охирги йиллардаги нашрларида бу уникал эпизод ва образлар учрамайдики, бунинг сабаби ҳам алоҳида мавзудир.)

“Бошсиз одам” ҳикоясидаги Фахриддин, “Сароб” романидаги “Қўтос” ҳамда Саримсоқ, “Синчалак” қиссасидаги Эшон, “Зилзила” қиссасидаги терговчи ва яна бир қатор оригинал образлар орқали Абдулла Қаҳҳор одам бўлиб туғилса-да, шахс бўлиб шаклланмаган, ўзининг мустақил фикри ва ҳаётий позициясига эга бўлмаган, ўзгалар қўли ҳамда ҳукмининг бошқарувига муҳтож кишилар галереясини яратганки, бизнинг назаримизда, ёзувчи адабий меросининг бу жиҳатлари алоҳида, чуқур илмий тадқиқотларга арзийдиган манба бўла олади.

…Адибнинг 1968 йилда чоп этилган “Ёшлар билан суҳбат” китоби охиридан жой олган “Ён дафтардан” деган бўлимда, хусусан, қуйидаги мулоҳазалари бор: “Евтушенко сингари шоирлар, ёзувчилар кўнглида борини айтаётибди, холос, шунга шунча шовқин? Ахир булар кесак эмас-ку, ўт чиқса нима қипти?!” ёхуд “Мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман!”

Тан олайлик: жафокаш адибнинг бу гаплари бугунги кунда ҳам нақадар долзарб, қанчалар керакли!

Раҳмон ҚЎЧҚОР

«Халқ сўзи» газетаси,

2022 йил, 17 сентябрь