МАВЖУДЛИК МУАММОСИ. “Уч оғайни”

Uch og'ayni

(“Тафаккур” журналининг “Жавондаги жавоҳир” рукни остида)


Ўқувчиларга қулай бўлиши учун бу мақола сайтга 3 қисмга бўлиб жойланди:

  1. Эрих Мария Ремарк. “Уч оғайни” романи.
  2. Эрих Фромм. “Инсон қалби”.
  3. Мурод Муҳаммад Дўст. “Лолазор” романи.

Эрих Мария Ремарк. “Уч оғайни” романи.

Низом Комилов таржимаси. “Маънавият” нашриёти, 2012 йил.

Мумкин эмас! Қандай қабоҳат.

Ки одамнинг ўзинигинамас,

Ҳиссини ҳам хароб қилса давр!

Усмон Носир

Асар мутолааси давомида менинг ёдимга бундан йигирма йил аввал ўқиганим бошқа бир романдаги ажабтовур ўхшатиш қайта-қайта тушаверди. Бу – француз адиби Андре Моруанинг “Полковник Брэмбл ва унинг дўстлари” романи қаҳрамонларидан бири – ҳарбий дўхтир О’Грейдининг мана бу мазмундаги гаплари эди: “Сиёсат, худди осмон жисмлариники сингари, ўзининг шафқатсиз қонунларига бўйсунади… Не қилайликки, одамзод анчагина ноқулай ўрин-кўрпада ётади, ухлаётганида бундай ҳолатдан толиқиб, бошқа ёнбошига ағанайди. Ана ўшанда кўринг урушларни, қўзғолонларни. Кейин бўлса, одамзод яна бир неча асрлик уйқуга кетади”.

Афсуски, мана шу бесаранжом ўнгарилиш пайтлари айни шу одамзод ўз танаси билан миллионлаб қавмдошларини босиб-янчиб ташлайверади.

Яна бир парадокс шундан иборатки, Андре Моруа романи бундан роппа-роса юз йил аввал бошланган Биринчи жаҳон урушининг бир лагери вакиллари – Англия ва Франция армияси аъзолари қисматидан ҳикоя қилса, Ремарк асари қаҳрамонлари ўша урушнинг иккинчи – рақиб томони – Германия қўшинининг собиқ аскарларидир. Биринчи роман воқеалари бевосита уруш жангоҳларида кечса, иккинчи асар урушдан кейинги йилларда ҳам одамлар жисму жонида давом этаётган унинг асоратларидан сўзлайди. Дарвоқе, бу қўшинлар тўқнашиб бир-бирини шафқатсиз қирган асосий жангоҳ ҳам бир жой – Ғарбий Фландрия!

Таассуротлар орасида, ҳайриятки, Сизу бизни юпантирадиган муҳим бир нарса бор. У ҳам бўлса, ҳар икки буюк адиб бирор ўринда “жирраки ватанпарварлик” қутқусига берилмай, ўз мамлакати ғалабаси ёхуд мағлубиятига андармон бўлишдек миллий нарцистик майллардан баланд туриши, бу уруш бирорта халқ ва миллатга рўшнолик келтирмагани, келтириши мумкин ҳам эмаслиги тўғрисидаги хулосаларда ҳам якдил эканликларидир.

uch og'ayni
“Уч оғайни” асари асосида 1938 йилда суратга олинган фильмдан лавҳа

Дунё адабиётида дўстлик, биродарликни улуғлаган сара асарлар кўп. Уларнинг бирортасини инкор этмаган ҳолда, Ремарк бизга ҳикоя қилиб қолдирган дўстлик достони ниҳоятда таъсирли, одамни ларзага соладиган даражада улуғвор ва айни пайтда жудаям содда ва мутлақо рост эканини таъкидламоқ керак. Лекин ҳозирги мулоҳазаларимиз ёзувчи тасвиридаги дўстлик манзаралари талқини ҳақида эмас, балки одамзод яшаш тарзининг, афсуски, табиий бир кўринишига айланиб бўлган урушлар, уларнинг инсон ва инсоният тақдирига таъсири ҳақидадир.

Андре Моруа романидаги бояги дўхтир асар якунига яқин мана бу аянчли рақамларни ҳам келтирганди: “Ляпуж деган бир французнинг ҳисоб-китобига кўра, ҳар юз йилда кечадиган урушларда ўртача 19 миллион эркак қурбон бўлар экан. Бу ёғини энди мен ҳисоблаб бераман: уларнинг қони билан ҳар бири 180 литрлик уч миллион бочкани тўлдириш мумкин. Бу қон эса соатига 700 литр қон пуркайдиган фонтанни тарихнинг биз тасаввур қилган ибтидосидан бошлаб тўхтовсиз ишлатиб туришга етар эди…”

Бу ўтган асрнинг бошларидаги ҳисоб-китоблар, юз йил эмас, бор-йўғи олти йил ичида қарийб 70 миллион одамни ютиб юборажак Иккинчи жаҳон урушини биров хаёлига келтирмаган пайтлардаги рақамлар эди. Бугунги Интернетдан эса булардан-да даҳшатли замонавий фактларни хоҳлаганча топиш мумкин…

Ҳар юз йилда бевақт ер тишлайдиган 19 миллион инсон ҳақида гапиришга бизнинг на тасаввуримиз, на тафаккуримиз дош беради. Ремарк романида, айтилганидек, урушдан кейинги Германия, ўтган уруш асоратларини деярли унсиз ичга ютаётган ўн-ўн беш чоғли инсон ва улар ҳаётининг қандайдир бир йили ҳикоя қилинади, холос. Мана шу маҳзун ҳикояни тинглаш асносида ўзбек китобхони ўзининг ноёб шоири Абдулла Ориповнинг “Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига, Қандай чидай олган экан одамзод!” деган нидосини қайта ва қайта эсга олмаслиги мумкин эмас.

(Бу гапларни ўқиб, “Шоир шеърга солган миллий куйимиз “Муножот” билан немис ёзувчисининг Биринчи жаҳон уруши асоратларидан ҳикоя қилувчи романи ўртасида нима алоқа бор?!” дея эътирозга шайланган замондошимиздан озгина сабр сўраган бўлур эдик. Ҳамма гап шунда – жуда ҳам кучли ва ҳеч қачон узилмас алоқа бор; мана шу алоқа борлиги учун ҳам одамзод ҳозирча қирилиб битмаяпти; мана шу алоқа бўлиши учун ҳам “Муножот” яратилган, шоир унинг умумбашарий моҳиятини мўъжаз шеърга муҳрлаган; шу алоқа узилиб битмаслиги ташвишида “Уч оғайни” ёзилган ва уни юзлаб миллатлар мутаржимлари қатори Низом Комил ўзбекчага ҳам ўгирган!..)

Асар саҳифалари аро уруш ва инқилоблар туфайли ҳар жиҳатдан чуқур инқирозга ботган ўлкада

“Ишимдан айрилиб қолмаслигим керак, шунда раҳбариятга ҳам, хотинимга ҳам ёқаман” деган самимий ўй ила умри ишхонада кечган ва охир-оқибат топган-тутганини ўйнаш ортидан кетиб бўлган хотинига қолдириб, очликдан қуриб битган гавдасини дераза тепасидаги илгакка осган Хассе;

“Эри урушда ҳалок бўлган, иккита боласи 1918 йили очликдан ўлган, тарғил мушугига суяниб қолган” етимхона ҳамшираси фрау Бендер;

“Эчкининг қумалоғи ҳам гўнг” деган эътиқод билан яшовчи, жажжи Эльвиранинг отаси эканини сира тан олмай, бу қизалоқни бирор тентак бойвуччага яхши нархга пулламоқни ўйлаган, хотинининг туну кун сотилаётган танаси эвазига яшашга ўрганган Артур;

мана шу нусхани ўзи учун авлиё биладиган, Артур ва ундан орттирган қизи тирикчилигига пул топиш йўлида “темир байтал” лақабини олган фоҳиша Роза ҳамда рафиқалик бахти ярим йилга ҳам етмаган унинг “касбдош дугонаси” Лилли;

сал дурустроқ замонда ажойиб рассом ёхуд ўзига хос файласуф сифатида танилиши тайин бўлган, ҳозир эса нуқул ўлиб кетганларнинг расмини чизиб бериб пул топаётган ва бор пулини урушда кўрганларини унутиш учун ичишга сарфлайдиган Фердинанд Грау;

ниҳоят, бир пайтлар ўзига тўқ, зиёли оиланинг кўз қорачиғи бўлиб дунёга келган, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий талотўмлар туфайли ҳамма таянчидан бирданига айрилиб оч-юпун қолганидан ёшлигидаёқ сил касалини орттириб олган, бениҳоя гўзал кўзлари ҳаётга тўймай баҳорнинг муздай тупроғига тўладиган  Патриция Хольман – Пат сиймоси анчадан буён мудраб ётган туйғуларимизни қўзғаб, хотирамизда бир умрга ўчмас бўлиб парчинланиб қолади!

Бир неча кундаёқ бизга синглимиздай суюклига айланган Патдан абадул-абад жудо бўлиб, ҳикоячи Роббидек карахт ҳолда қўшни хонага чиқарканмиз, “Euronews” телеканали кўрсатаётган лавҳаларга кўзимиз тушади: “Фаластиннинг Ғазо секторида кечаётган бомбардировкалар натижасида қурбон бўлган аҳоли сони икки мингдан ортди…”, “Собиқ президенти ўлимидан кейин бошланган фуқаролар уруши туфайли юз минглаб фуқароси вафот этган Ироқда шу йилнинг август ойи ичидагина бир минг тўрт юз киши ҳалок бўлган. Уларнинг кўпчилиги болалардир…”, “35 йилдан буён фуқаролар урушини бошдан кечираётган Афғонистон пойтахти Қобулдаги жоме масжиди ичида юз берган портлаш жума намозини ўқиётганлардан 38 нафарининг умрига зомин бўлди…”

Булар янги асрнинг ўтган ўн тўрт йили ичида содир этилган хунрезликларнинг кичкина бир қисми, холос. Ҳали аср тугашига 74 йил бор. Ҳали бўлғуси қурбонларнинг кўпи туғилиб ҳам улгурмаган… Берилаётган ва берилажак қурбонлар дарди ҳолидан арзи ҳол қиладиган ижодкорларнинг бўлажак ота-оналари эса ўша қурбонлар орасида бўлса, не ажаб.

Андре Моруа романида ҳам, Ремарк китобида ҳам, австриялик ёзувчи Арно Гайгернинг “Жаҳон адабиёти” журналининг шу йилги 3-4 сонида босилган “Қувғиндаги кекса қирол” қиссаси (Мирзаали Акбаров таржимаси) матнида ҳам остига чизганимиз, уруш ва у ҳақдаги оҳорли фикр-иқтибослар кўп бўлиб, уларнинг ҳар бири тўғрисида соатлаб мулоҳаза юритиш мумкин. Бироқ…

Бироқ Андре Моруанинг ҳарбий дўхтири О’Грейди айтган, асрларга чўзиладиган уйқудан юз йилларда бир ағанаб оладиган одамзод деярли ухламай қўйганига, демакки, унинг ҳар томонга ағанаб безовталаниши тўхтовсиз давом этаётганига анча йиллар бўлди. Шундай экан, биз толадиган мулоҳазаларни эшитадиган, уларга эътибор берадиган кишилар ўзга мулоҳазакорлар қаршисида сомеъ эканини кўрмаслик-билмаслик ҳам мумкин эмас.

Patritsiya Holman

“Уч оғайни” асари асосида 1938 йилда суратга олинган фильмдан лавҳа

Шу туфайли ҳам Ремаркнинг уч оғайниси, Розаси, Лиллиси, Фердинанди, айниқса, “сув мавжида ёлғиз тебранаётган нилуфар”, “тубсиз жарлик тепасида илиниб турган кумушранг юлдуз” – Патрицияси тақдиридан олган таассуротни хаёлда қайта-қайта тиклаб, уларни ғойибона ошно тутган кўнгил ила сўзсиз суҳбатлар қилмоқ авлороқ кўринади…

Дарвоқе, бир муҳим таассуротни айтиш ёддан чиқай дебди: дунёдаги бошқа бирор жидди-жаҳд у ёхуд бу миллат тўғрисида адабиётчалик таъсирли, кўламли ва жонли маълумотни беролмаса керак. Ана шу маънода, менимча, Ремарк романини ўқиган одам олмон тилини билмай ҳам чинакам немис билан бемалол тил топишиб кета олади.

Раҳмон Қўчқор

“Тафаккур” журнали,

2014 йил 4-сон


Мақоланинг қолган қисмларига қуйидаги ҳаволалар орқали ўтинг:

  1. Эрих Мария Ремарк. “Уч оғайни” романи.
  2. Эрих Фромм. “Инсон қалби”.
  3. Мурод Муҳаммад Дўст. “Лолазор” романи.

Matnda xato koʻrsangiz, soʻzni belgilang va Ctrl+Enter ni bosib, toʻgʻrilash kiriting.

2 ta fikr

Fikringiz moderatsiyadan so‘ng saytda paydo bo‘ladi.

Xato haqida xabar

Muharrirga joʻnatiladigan matn: